Кўкламойим, кўкингдан бер бир чимдим

  • 12:03
  • 23.03.2020
  • 89
  • Улашинг

Табиат узоқ қиш уйқусидан уйғониши билан ўзимизда ҳолсизлик сеза бошлаймиз. Қадимдан ота-боболаримиз бундай иликузилди вақтда дармондориларга бой таомлар истеъмоли танага куч-қувват бағишлашини яхши билишган. Шу боис ҳам эрта кўкламдан кўк сомсаю сумалаклар пишириш анъанаси ҳали-ҳамон давом этиб келмоқда.

Баҳорда гўштни бир оз четроққа суриб қўйиб, эътиборни кўкатларга қаратмоғимиз лозим. Тиббиёт ходимлари ялпиз, исмалоқ, жағ-жағ каби ўсимликлардан тайёрланган таомларни тавсия этишади. Кўкат ва сабзавотлардан олинган фойда бир неча ҳафта ичидаёқ маълум бўлади. Уларни истеъмол қилиб туриш танада моддалар алмашинуви, ошқозон-ичак тизими ишининг яхшиланиши ва яна бошқа аъзоларнинг иш фаолиятини тартибга солади.

Жағ-жағ

Халқ табобатида жағ-жағ қон тўхтатиш хусусияти билан яхши маълум. Меъда, ўпка ёхуд бурун қонаши каби ҳолатларда ушбу гиёҳдан тайёрланган дамлама асқатади. Жағ-жағ дамламаси қон босимини тушириш, сийдик йўли касалликлари ва ич кетишида ҳам фойда беради. Жигарни тозалашда ҳам ушбу гиёҳ қўшилган сомса ва чучвара тановул қилиш лозим.

 

Исмалоқ

Бу ўсимлик баргида оқсил, ёғ, темир, магний, калий ҳамда витаминлар бор. Диетологлар ҳисоб-китобига кўра, 500 гр исмалоқда уч дона тухум кучига эга калория бор. Шуниси билан ҳам исмалоқдан тайёрланган нонушта тўйимли ва фойдали саналади.

Исмалоқ қўшилган таом ва егуликлар болалар ва катталардаги камқонлик, авитаминоз ҳамда рахитга даво ҳисобланади. Ични юмшатувчи, сафрони ҳайдовчи, юз терисини тозаловчи хусусиятга эга.

 

Отқулоқ

Таркибида кўпгина дармондорилар, шовул кислотаси, айниқса, С витамини талайгина. Кўкламда отқулоқ қўшиб тайёрланган чучвара ва сомсалар қон босими кўтарилиши ҳамда меъда хасталиклари кузатилишида тавсия этилади. Отқулоқнинг 2–3 та баргини муздек сувда чайиб, пешонага қўйилса,бош оғриғини енгиллаштиради. Шунингдек, тана ҳарорати кўтарилганида энса соҳасига малҳам сифатида қўйилса, танадаги иссиқликни олади.

Мадор

Кўк сомса қиймасига матор қўшилса, қувватга бой, тўйимли бўлади, деган гап шунчаки айтилмаган. Бу ўсимлик провитамин, қанд ва оқсил моддалари ҳамда макро ва микроэлементларга бойлиги билан айнан толиққан организм учун шифо ҳисоб­ланади. Мадор қўшилган егуликларни иммунитети суст, овқат ҳазм қилиш фаолиятида муаммоси борлар кўпроқ истеъмол қилиши лозим. Шунингдек, фарзанд кўришни режалаштираётган эркаклар (жинсий қувватни ошириш учун) матордан тайёрланган таомларни кўпроқ тановул қилишлари айтилади.

 

Гулқоқи

Бу ўсимлик илдизидан тайёрланган дамлама буйрак хасталикларини даволашда ишлатилиб, пешоб ҳайдовчи хусусияти билан ажралиб туради. Тиш оғриқлари, томоқ яллиғланишларида ҳам гулқоқидан тайёрланган дамлама билан ғарғара қилинса, бактериялар таъсирини камайтиради.

Равоч

Халқ табобатида равоч илдизи ва мевасидан тайёрланган дамлама ошқозон-ичак хасталиклари, нотўғри овқатланиш сабабли ич бузилиши (ич кетиши), қовуқ, аёлларда бачадон шамоллашида қўлланилади. Равоч барги қўшилган таом ва егуликлар эса иштаҳасизликни бартараф этади.

Момақаймоқ

Қон айланиши, моддалар алмашинувининг бузилиши ҳамда ҳазм қилиш жараёнидаги ўзгаришларда момақаймоқ шарбати асқатади. Момақаймоқ таркибида фосфор тузлари, кальций, калий ва темир моддалари кўплиги боис иштаҳасизликка учраган беморлар учун ўсимлик баргидан салат тайёрлаб бериш тавсия этилади. Қориннинг тез-тез дам бўлишида ҳам момақаймоқ шарбатидан фойдаланиш мумкин. Кексаларда суяк мўртлашиб қолиши кузатилса, момақаймоқ ва сабзи шарбатини аралаштириб ичиш лозим. Шунингдек, буйрак фаолиятидаги ўзгаришларда ҳам момақаймоқ шарбати ичилса, пешоб ҳайдалишини фаоллаштириб, организмдан ортиқча тузларни ювиб чиқаради. Бу ўсимликнинг гули ҳам фойдалидир. Териб олинган гулларини 1 стакан сувга дамлаб, сўнг тиндириб қўйилса, уйқусизликка чора бўлади.

 

Буғдой

Ундирилган буғдой гўштқиймалагичдан ўтказилганида шарбати ажралади. Ана шу шарбат ошқозон хасталиклари, ортиқча вазн, қандли диабет ҳамда соч тўкилишига даво ҳисобланади. Косметологияда эса буғдой суви билан юз терисини тозалаш муолажасини ўтказиш, соч тўкилишида ниқоб ўрнида фойдаланиш мумкин. Фойдали хусусиятига кўра буғдойни ёшлик эликсири дейишлари ҳам бежиз эмас. Таркибидаги витамин ва минерал моддалар организмни тетиклаштириб, қувватни оширади. Қолаверса, иммунитетни мустаҳкамлашда ҳам асқатади.

 

СУМАЛАК

Сумалак — оқсил, фойдали моддалар ва организм учун зарур бўлган С дармондорисига бой. 1936 йили немис тадқиқотчилари Эвенс ва Эммерсон ундирилган буғдойни текшириб, унинг таркибида токоферол моддаси борлигини аниқлашган. Токоферол ёки Е дармондорисининг шифобахшлик қуввати «ҳаёт илдизи» деб аталувчи женьшень ўсимлиги билан тенглаштирилади. Сумалак қабзият, артериал қон босимининг ортиши, шамоллаш, ошқозон ва ичак касалликларини анча енгиллаштиради, организмнинг витамин етишмовчилигига бўлган талабини қондиради.

ҲАЛИМ

Ҳалим тайёрлашда ишлатиладиган маҳсулотлар — буғдой, ёғ, гўшт кабилар оқсилга жуда бой. Унинг таркибидаги моддалар меъда-ичак фаолиятини яхшилаб, марказий асаб тизимига ижобий таъсир қилади ва мия, юрак функциясини фаоллаштиришга ёрдам беради.

 

М. ОРИФЖОНОВА тайёрлади.