Юз билан юзлашишни истайсизми?

  • 17:02
  • 12.02.2020
  • 54
  • Улашинг

Бунинг учун японларга ўхшаб овқатланиш керак. Кўпчилик биладики, Япония аҳолиси узоқ умр кўриш бўйича дунёда энг юқори ўринлардан бирини эгаллайди. Ушбу мамлакатда кексалик 85 ёшдан кейин бошланади. Анча-мунча одамлар юз ёшгача умр кўради.

Японлар бунинг сирини яширмайди. Биринчидан, Кунчиқар мамлакатида одамлар кўп ҳаракат қилади – пиёда, велосипедда юради. Шахсий машиналардан фойдаланмасликка интилишади. Метро ва автобусда ўтиришдан кўра тик туришни афзал кўришади. Баъзи японлар ҳатто компьютерда ҳам тик оёқда ишлашади.

Улар тоза ҳавода сайр қилишни, табиат қўйнида дўстлар билан учрашишни, эрталаблари гимнастика машқлари бажаришни хуш кўришади, профилактик мақсадда шифокор кўригидан ўтиб туришади. Шунингдек, японларнинг узоқ умр кўришида таомномаси жуда катта аҳамиятга эга. Уларнинг овқатланиши бизникидан кескин фарқ қилади.

 

Баланд оловда

Японларнинг таомлари орасида қовурмалар камдан-кам учрайди. Улар озиқ-овқат маҳсулотларини кўпинча қайнатади, печда пиширади. Натижада таом ёғсиз бўлиб чиқади. Ўғ эса, маълумки, томирларда тиқилмалар ҳосил қилади.

Агар маҳсулотларни қовуришга тўғри келса, уни баланд оловда қовуришади. Бунинг учун чуқур товалардан фойдаланишади. Бундай товалар тез қизиб, маҳсулотларни қисқа вақт ичида қовуриш имконини беради. Натижада маҳсулотларда кўпгина фойдали моддалар сақланиб қолади.

 

Ҳар куни – суюқ овқат

Шуни эсда тутингки, ҳар куни суюқ овқат ичиб туриш ниҳоятда фойдали. Японларнинг суюқ овқатлари балиқ бульони асосида тайёрланади. Уларнинг дастурхонидан денгиз маҳсулотлари, сув ўтлари аримайди.

 

Қайласига – гуруч

Бошқа миллатларга қараганда, японлар кўпроқ гуруч истеъмол қилади. Таъбир жоиз бўлса, дастурхонга ноннинг ўрнига ҳам гуруч тортилади. Уни деярли барча таомлар билан қўшиб тановул қилишади. Бу ниҳоятда фойдали. Чунки гуруч турли витаминлар ва углеводларнинг кони. У сабзавотлар, сув ўтлари, денгиз маҳсулотлари билан истеъмол қилинса, янада фойдали. Японлар гуручни пишираётганда ёғ ва туз қўшмайди.

 

Қаҳва ўрнига кўк чой

Японлар қаҳвани унча хуш кўришмайди. Унинг ўрнига кўк чой ичишни маъқул билишади. Зеро, кўк чой антиоксидантларга бой бўлиб, чанқовни қондиради, қон айланишини яхшилайди. Одатда йирик баргли ёки махсус кукун ҳолидаги кўк чойни яхши кўришади. Пакетга жойланган чойларни эса мазкур мамлакатда топа олмайсиз. Японлар уни чой ўрнида кўришмайди.

Кунчиқар мамлакатида овқатни бир неча кунга мўлжаллаб тайёрлашга одатланишмаган. Нонуштага, тушликка ва кечки пайт учун алоҳида-алоҳида таом пиширилади. Балиқ ва денгиз маҳсулотларини одатда бозордан харид қилишади ва шу заҳотиёқ пиширишади. Аксар хорижликлар озиқ-овқат маҳсулотларида тайёрланган санаси қайд этилмаганини кўриб ҳайрон қолишади. Ваҳоланки, ажабланишга ҳожат йўқ. Чунки уларнинг барчаси сотилаётган куни тайёрланган бўлади. Бу балиқ шу куни тутилган, сабзавот ва мевалар шу куни даладан олиб келинган дегани.

 

Оз-оздан ва секин тановул қилишади

Японияда таом оз-оздан тортилади. Фақат суюқ овқатларгина чуқур идиш­ларга сузилади. Қуюқ овқат солинадиган ликопчаларнинг диаметри 15 сантиметрдан ошмайди. Мамлакатдаги ёзилмаган қоидага кўра, овқатнинг озгинаси идишда қолиши керак. Бунинг устига, японлар қуюқ таомларни таёқчалар ёрдамида ейди, натижада тез тўяди. Улар шошилмасдан, бамайлихотир овқатланади.

 

Пиёда юринг – умрингиз узоқ бўлади!

Сарлавҳани ўқиб Юсуфжон қизиқ Шакаржоновнинг «Кулинг – умрингиз узоқ бўлади!» деган машҳур гапи ёдингизга тушгандир. Врач-кардиолог ва геронтологлар «Агар киши кам пиёда юрса, жиддий хасталикларга чалиниши мумкин», дея огоҳлантиради.

Хўш, яёв юришнинг меъёри қандай? Киши ёшлигида бир кунда камида 10 минг қадам юриши лозим. Кексайганда эса кунига камида 5 минг одим босиши керак.

10 минг қадам босиш тоза ҳавода тахминан 1,5 соат сайр этиш дегани. Атиги уч дақиқагина юрсангиз, шу ҳам фойдадан холи эмас, қон босими пасайишига ёрдам беради. Агар 15 дақиқа сайр этсангиз, қонингиз таркибидаги қанд миқдори камаяди. Борди-ю, 30 дақиқа яёв юрсангиз, вазнингиз камаяди.

 

Интернет материаллари асосида тайёрланди.