Зўравон ҳамқишлоқлар

  • 10:08
  • 01.08.2020
  • 82
  • Улашинг

Жорий йилнинг 25 июль куни соат 18:00ларда “Ҳудудгаз” Қашқадарё бўлими Касби тумани филиали ходими К.Туйғунов ташкилотга тегишли “Isuzu” русумли автомашинада туманнинг Таллиюлғун қишлоғига аҳолига суюлтирилган газ баллонларини тарқатиш мақсадида боради. Қишлоқ вакили Д.Тоғаевга учрашиб, газ баллонлари тарқатиладиган аҳоли рўйхатини сўраганида у уйига реестрни олиб чиқиш учун кириб кетади.

Шу пайт шу қишлоқда яшовчи нотаниш уч нафар фуқаро тиббий ниқоб тақмасдан, спиртли ичимлик истеьмол қилган ҳолда, ҳеч бир сабабсиз К.Туйғунов бошқарувидаги “Isuzu” русумли автомашинанинг олдига “Матиз” автоуловини қўйиб, “Сен нима сабабдан машинамнинг орқа фарасини синдирдинг?!” деб удағайлашади. Кейин эса ҳар хил сабабларни рўкач қилиб, уни уриб, тортқилаб, тан жароҳати етказишади.

Ҳолат юзасидан суриштирув олиб борилганида зўравонлар шу қишлоқда яшовчи Анвар Номозов, Санжар Амиров ва Азизбек Шодиев эканлиги маълум бўлди.

Яқинда мазкур ҳолат Маъмурий ишлар бўйича Касби тумани судида кўриб чиқилди. Фуқаролар Анвар Номозов, Санжар Амиров ва Азизбек Шодиев жамоат жойида ҳуқуқбузарлик содир этгани учун уларнинг ҳар бири энг кам иш ҳақининг бир баравари миқдорида жарима тўлаб, 15 сутка маъмурий қамоқ жазосини ҳам ўтайдиган бўлди.

Содиқ РАҲИМОВ,

“Postda” мухбири.

Қашқадарё вилояти.