«Бэтти»нинг сезгирлиги асқатди

  • 19:05
  • 23.05.2020
  • 49
  • Улашинг

Тунда номаълум кимсалар Урганч шаҳридаги «Satin Industrial» МЧЖ омборхонаси эшигини калит танлаш йўли билан очиб, корхонага тегишли бўлган 13 миллион сўмлик қурилиш материалларини ўғирлаб кетишган. Бундан хабар топган МЧЖ раҳбари зудлик билан шаҳар ИИБга мурожаат қилди.

Воқеа жойига етиб келган тергов-тезкор гуруҳи ишга киришди. Шу пайт ҳодиса жойида бўлган вилоят ИИБ ППХ ва ЖТСБ кинология хизмати инструктор-кинологи, сафдор Тоҳирбек Олломовнинг «Бэтти» лақабли хизмат ити негадир корхона ишчиси А.Жуманазарни кўриб безовталана бошлади. Хизмат итини тинчлантирган кинолог ҳодиса жойида қолдирилган излар орқали «Бэтти»га ишора берди. Забонсиз жонивор бир нимани сезгандек, масъ­улияти чекланган жамият ҳудудидан чиқиб, ён томондаги қурилиши тугалланмаган бино томон елдек учиб кетди. Кинолог эса у билан изма-из югурди. «Бэтти» янглишмаган эди. Омборхонадан ўғирланган қурилиш материаллари ўша бино ертўласига яшириб қўйилганди.

– Баракалла, «Бэтти», – дея уни меҳр билан эркалади сафдор Тоҳирбек Олломов. – Қани, энди ўғрини топ-чи!

«Бэтти» яна Жуманазарнинг ёнига бориб, уни бир неча бор ҳид­лади-да, кийимидан тортқилай бошлади.

– Мен ҳеч нимани ўғирлаганим йўқ, – эътироз билдирди Жуманазар.

Экспертлар воқеа жойи­дан олинган қўл-бармоқ излари айнан А.Жуманазарга тегишли эканини тасдиқлашди. Инкор этиб бўлмас далиллардан сўнг у қилмишини тан олишдан бошқа чора тополмади ва ўғирликни маҳалладоши Қ.Ўткир билан содир этганини, «ўлжа»ни кейинчалик олиб кетиш учун қўшни бино ертўласига яшириб қўйишганини тан олди...

Хоразм вилояти ИИБ ППХ ва ЖТСБ кинология хизматида 61 та зотли хизмат ити мавжуд. Ҳозирги пайтда улардан гиёҳвандлик воситаларини, портловчи моддаларни қидириб топиш, антитеррор, из қидирув, қўриқлаш йўналишлари бўйича хизматда фойдаланилмоқда.

Кинологларнинг бош­қа соҳавий хизмат ходимлари билан ҳамкорликда амалга оширган ишлари самараси ўлароқ, жорий йилнинг ўтган даврида 124 марта воқеа жойларига чиқилиб, хизмат итлари ёрдамида 85 та жиноят «иссиқ изида» фош этилган. Шундан 9 таси гиёҳвандлик, 44 таси ўғирлик, 5 таси қотиллик,  27 таси бошқа турдаги жиноятлардир.

Кейинги йилларда вилоят ички ишлар органларида кинология хизматини янада ривожлантириш, соҳага энг тажрибали ходимларни жалб қилиш ҳамда уларга муносиб шароитларни яратиб бериш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Хизматни ташкиллаштириш бўлинмаси базасида ходимларнинг билим савияси ва касбий маҳоратини ошириш, илғор иш тажрибаларини амалиётга кенг татбиқ этиш бўйича ўқув курслари ташкил этилди. Белгиланган режа асосида ўтказилаётган ушбу ўқув машғулотларида барча соҳавий хизматлар ҳамда шаҳар-туман ИИБларининг кинолог ходимлари фаол қатнашди. Шунингдек, жойлардаги кинология хизматларига бўлинманинг етарли билим ва тажрибага эга бўлган ходимлари жалб қилиниб, улар соҳани янада ривожлантириш бўйича зарур маслаҳатлар, амалий ёрдамлар беришди. Айни кунда ҳам бу борадаги тадбирлар самарали давом этмоқда.

 

Худойберган ЖАББОРОВ,

«Postda» мухбири.

Хоразм вилояти.

Суратда: инспектор-кинолог, сафдор Тоҳирбек Олломов машғулот пайтида.

Муаллиф олган сурат.