Қўшиқлари ҳамон қалбимизда

  • 12:05
  • 23.05.2020
  • 487
  • Улашинг

Кўпчилик Ўзбекистон халқ артисти, подполковник Нуриддин Ҳайдаровни ички ишлар органларида хизмат қилганини билмайди. ИИВ Кадрлар хизматидаги фаолиятим давомида кўплаб таниқли санъаткорлар билан учрашишга тўғри келган.

Ҳозирги ИИВ Маданият саройи 2000 йилларда Тошкент шаҳар ИИББ “Маърифат” маркази бўлиб, унга бир неча йил Ўзбекистон халқ артисти Нуриддин Ҳайдаров раҳбарлик қилган.  2001-2002 йилларда тадбирлар шу марказда ўтказиларди.

Подполковник Нуриддин Ҳайдаров республикада ўтказилган "Ўзбекистон қўшиқ байрами" кўрик-танловида ҳам ғолиб бўлган эди. Менга ҳамиша “синглим” дея мурожаат қилардилар. Суҳбатлашиб қолсак “Нега менга халқ артисти беришмайди. Ахир барча давлат тадбирларида иштирок этаяпман-ку” дея хафа бўлар эди.

“Нуриддин ака, сизни халқ севади, қўшиқларингизни хиргойи қилиб юришади, Худо хоҳласа, бу унвонниям оласиз”, деб кўнгилларини кўтарардик.

Чиндан ҳам ўша пайтларда мамлакат миқёсида ўтказиладиган аксарият давлат тадбирларини раҳматли Нуриддин ака бошлаб берардилар. 2003 йилда Ўзбекистон халқ артисти унвонини олганларида, кўпчилик қатори биз ҳам хурсанд бўлиб табриклагандик. Лекин орадан бир йил ўтиб, юраги безовта қилиб, ИИВ Марказий госпиталининг реанимация бўлимига тушиб қолдилар ва шу ерда вафот этдилар.

Бир кун олдин қўл телефонига қўнғироқ қилиб, ҳол-аҳвол сўраганимда, “Яхшиман, синглим, эртага палатага олишар экан" деган эдилар. Эртаси куни эса совуқ хабарни эшитдик. Ўшанда 2004 йилнинг 3 октябри эди...

Халқимиз орасида “Юр муҳаббат”, “Юлдузим”, “Дўлана”, “Дўстим, мени алдама”, “Давлатинг борида...” қўшиқлари билан шуҳрат қозонган севимли санъаткоримиз бугун ҳаёт бўлганида 63 ёшни қаршилаган бўлар эди. У санъат соҳасида 30 йил фаолият олиб борди, 200 дан ортиқ муаллифлик қўшиқларини ижро этди. Бугунги кунда марҳум санъаткорнинг ижод йўлини унинг ўғли Ҳожиакбар Ҳайдаров давом эттирмоқда.

Нуриддин Ҳайдаров ўз қўшиқлари билан минглаб мухлислари қалбида ҳамон яшамоқда.

 

Бернора САДИКОВА