Уч  элак

  • 21:05
  • 22.05.2020
  • 85
  • Улашинг

  Бир киши донишманддан сўради:

  – Дўстингиз сиз ҳақингизда нима деганини айтайми?

  – Шошма, – деди донишманд, – аввал айтмоқчи бўлган гапингни уч элакдан ўтказ...

   – Уч элак?

   – Бирор гапни айтишдан олдин, уни уч элакдан ўтказиш лозим. Аввал ҲАҚИҚАТ элагидан. Айтмоқчи бўлган гапинг ҳақиқат эканлигига ишончинг комилми?

    – Йўқ, мен уни шунчаки эшитдим, холос.

    – Демак, сен унинг рост ёки ёлғонлигини билмайсан. Энди иккинчи  – ЯХШИЛИК элагидан ўтказамиз. Сен менга дўстим ҳақида бирор яхши гап айтмоқчимисан?

    – Йўқ, аксинча.

    – Демак, – давом этди донишманд, – сен менга ҳақиқатлигини билмай туриб ёмон хабарни етказмоқчисан. Энди учинчи – ФОЙДА элагидан ўтказамиз. Сенинг гапингни эшитишим шартми, у менга фойда берадими?

    – Йўқ.

    – Демак, – хулоса қилди донишманд, – сен етказмоқчи бўлган хабарда ҳақиқат ҳам, яхшилик ҳам, фойда ҳам йўқ экан. Унда уни менга айтиб нима қиласан?