Ҳаммаси ортда қолади

  • 21:05
  • 22.05.2020
  • 53
  • Улашинг

Бугун коронавирус хавф солмаган минтақа қолмади, ҳисоб. Қайсидир давлатда унга қарши ўз вақтида тизимли кураш олиб борилаётгани боис вазият енгиллашаётган бўлса, айрим мамлакатларда етарли тиббий хизматнинг мавжуд эмаслиги, шароитнинг йўқлиги ёки хавфнинг ўз вақтида тўлиқ англаб етилмаганлиги оғир оқибатларни келтириб чиқармоқда.

Мамлакатимизда кундан-кунга коронавирус пандемияси чекинаётганини, хасталикдан тузалганлар сони ошиб, касалланганлар камайиб бораётганини кўриш мумкин. Бундай ижобий натижага эришишимизда, шубҳасиз, қайноқ нуқталарда фаолият кўрсатаётган, касалланган ва карантинда бўлганлар билан мулоқотда бўлаётган, ҳар куни, ҳар дақиқада ҳаётини хавф остига қўяётган тиббиёт ходимларининг хизмати катта бўлмоқда, десак, янгилишмаган бўламиз.

ИИВ Тиббиёт бошқармасига қарашли «Ўзбекистон» санаторийсида ҳам маълум муддат карантинга олинганларни назорат қилган ички ишлар органлари ходимлари 14 кун изоляция қилинган. Уларнинг соғ-омон уйига, хизматга қайтиши учун шифокор ва ҳамширалар ҳамда санаторийнинг кўплаб ишчи-ходимлари туну кун хизматда.

Капитан Шерзод Мирзаев, кардиология бўлими катта кардиолог шифокори:

– 2 майдан буён шу ердаман. Нолимайман. Мана шундай қийин ва синовли кунларда хизматимиз орқали фойдамиз тегаётганидан мамнунмиз. Изоляцияга олинганлар билан бир оила аъзоларидек бўлиб кетдик. Лекин улар билан тўлиқ ҳимояланган, гигиена талабларига риоя қилган ҳолда мулоқот қилишга мажбурмиз. Негаки, бу касаллик карантиннинг охирги куни ҳам бўй кўрсатиши мумкин.

Яқинларимиз билан телефон орқали мулоқот қилиб турган бўлсак-да, барибир фарзандларингизнинг дийдорига тўйиш бошқача. Беш ёшли ўғлим Амирбек «Қачон келасиз, дада? Сизни соғиндим» деса, унинг олдига қанот чиқариб учиб боргим келади. Бироз гаплашганимиздан кейин вазиятни тушунгандек бўлиб, «Дада, сиз Ватан учун хизмат қиляпсиз, онам билан синглимни келгунингизча ўзим ҳимоя қиламан», дейди.

Капитан Азиз Ҳамидуллаев, хўжалик ва таъминот хизмати овқат ва таъминот бўлинмаси бошлиғи:

– Ҳамма шароит яратилган, камчиликлар бўлмаса-да, карантинга олинганлар уйига тезроқ боришни, яқинлари билан дийдорлашишни хоҳлайди. Шунинг учун уларни зериктирмасликка, вақтини мазмунли ўтказишга ҳаракат қиламиз. Мен ҳам оиламни, айниқса, фарзандларим – Козимжон ва Иззатиллони жуда соғиндим. Ҳар куни телефон орқали гаплашиб, 7 ёшли Козимжоннинг дарсларини қилаётгани билан қизиқаман, онангга ёрдам бер, дейман. Кичиги 4 ёшли Иззатилло эса «Дада, менга нима олиб келасиз?» дейди нуқул. Насиб қилса, ҳаммаси ортда қолади.

Сафдор Шаҳноза Эргашева, ҳамшира:

– Бу менинг иккинчи марта 14 кунлик сменага тушишим. Бошида ҳар куни ниқоб, қўлқоп, кўзойнак ва ҳимоя кийимларида юришга кўникишим анча қийин кечди. Терлаб димиқиб кетиш, ноқулайлик... Лекин шунга мажбурмиз. Бизнинг биргина хатомиз касаллик тарқаб кетишига сабаб бўлиши мумкин.

Олдинлари уйдан, яқинларимдан бунчалик узоқ муддатга айро бўлмаганман. Баъзан ота-онам койишса, тергашса ёқмасди. Энди ўша тергашлариниям қўмсаяпман. Уларни жуда соғиндим, қадрига етдим. Онам «Яхшимисан, овқат едингми, ҳимоя кийимини ечма, ўзингга эҳтиёт бўл», деб кўп такрорлайдилар. Хўп-хўп дейман-у, уларнинг олдида бўлиб қолгим, онамни қучиб олгим келади.

– Маълум муддат хориждан келган, карантинга олинганларни назорат қилгандик. Ҳозир ўзимиз 14 кунлик карантиндамиз, – дейди ИИВ Халқаро аэропортларда хавфсизликни таъминлаш қўшинлари бош бошқармасига қарашли 7220-ҳарбий қисм ҳарбий хизматчиси, кичик сержант Жасур Маматқулов. – Насиб қилса, муддат ҳам тугай деб қолди. Яна оиламиз бағрига, хизматга қайтамиз. Яқинларимиздек бўлиб қолган барча тиббиёт ходимлари, шифокору ҳамшираларга миннатдорлигимни билдираман.

Карантин бошлангундан то ҳозирги кунга қадар «Ўзбекистон» санаторийси ўз бағрига коронавирус инфекциясига қарши курашиш ва карантин тадбирларига жалб этилган 334 нафар ички ишлар органлари ходимини қабул қилди. 14 кунлик изоляцияга олинган ҳар бир ходимга санаторийда етарли шароит яратилди. Ўзларининг, барча яқинларининг бахтига ходимлардан ҳеч бирида бу касаллик бўй кўрсатмади.

 

Фозилжон МАМАШАРИПОВ,

«Postda» мухбири.