Жангчининг армони

  • 09:02
  • 14.02.2020
  • 646
  • Улашинг

Шам ёруғида уйидан келган хатни ўқиётган жангчининг бўғзига нимадир тиқилиб, оиласини, яқинларини қаттиқ соғинганини ҳис қилди. Онасининг соғинч билан, ўкинч билан ёзганлари унинг қалбини ўртаб юборди. Хатда онаси уни жуда соғинганини таъкидлаб, уруш тезроқ тугаб, уйга соғ-омон қайтишини тилаб кеча-кундуз дуо қилаётганини ёзганди. Аскар онасининг саводи йўқлигини келинига айтиб туриб ёздирганини яхши билади. Шундай бўлса-да, онаизорнинг ҳар бир гапни йиғлаб-йиғлаб ёздиргани шундоққина сезилиб турарди. Хатда яна ўғилчаси бидирлаб гапира бошлагани, худди унинг ўзига ўхшаган шўх, қайсар бўлгани айтилганди.

Хатни ўқиб бўлгач, Ғулом мижжаларига сизиб чиққан ёшни қуролдошларига кўрсатмаслик учун тезда артиб олиб, жилмайишга уринди. Аста ёнидагиларга назар ташлади.

— Нима гап, жангчи? Хотинингдан хат олдингми, маъюс тортиб қолдинг?

— Онамдан.

— Яхши-ку, онанг бор экан. У сени ҳаммадан кўп, ҳаммадан кўра интизор бўлиб кутади. Менинг эса ота-онам йўқ, кутадиганим ҳам йўқ ҳисоби.

Ғулом сафдошининг дард чекаётганини, у билан бу мавзуда гаплашиш жанговар руҳиятга салбий таъсир қилишини сезиб, мавзуни бошқа томонга бурди.

— Штабга бориб келибсан, қандай янгиликлар бор.

— Янгиликлар зўр, — деди жангчи мамнун жилмайиб. — Ўттиз еттинчи дивизия жангчилари тўққиз минг кишилик гарнизон ҳимоясида турган Грудзидз шаҳрини забт этишибди. Кеча ҳамюртимиз, генерал-майор Собир Раҳимов бошлиқ дивизия Гданьск шаҳрига кирибди. Ғалаба яқинлашиб қолганга ўхшайди, ҳамма шуни гапир­япти. Айниқса, Собир Раҳимовнинг жасорати тилларда достон. Тайинланганига тўрт ой бўлиб, шунча иш кўрсатипти, қойил. Бу ўзбек генерали бизнинг ҳам фахримиз, жангчи.

Унинг гапларидан Ғулом яна ширин хаёлларга берилди. Ахир урушга келганидан бери генерал-майор Собир Раҳимов билан учрашиш, лоақал узоқдан бўлса ҳам, бир бора кўриш орзуси-ку. Аммо фақат генералнинг жангларда кўрсатган жасорати, уддабуронлиги ҳақида эшитар, у билан бир юрт фарзанди эканидан ғурурланар, унинг дийдорини кўриш орзуси билан ёнарди. Собир Раҳимов билан учрашсам, албатта, бирга суратга тушиб уйга жўнатаман, онам ҳаммага мақтаниб юради, дея ўйларди у.

1944 йилнинг ноябрь ойида 37-дивизияга қўмондонликка тайинланган 42 ёшли генералнинг довруғи тилларда достон эди. Қанча-қанча аскарлар у билан бир кўришишни, суҳбатида бўлишни, ҳатто бирга суратга тушишни орзу қилишарди. Бу ниятига етганлар ҳам, етмаганлар ҳам бўлиб, баъзи жангчилар қалбида шу армон билан жангларда жон беришарди.

 — Ёмғир ҳам тинай демади, — деди аскар Ғуломнинг хаёлини бўлиб. Энди бу ёғи баҳор, феврални ўтказсак бўлди.

...Баҳор келиб совуқ анча ортга чекинди. Бу орада душман ҳам анча чекиниб, ғалаба нишонаси кўриниб қолди. Шундай бўлса-да, жанг давом этар, кунора қайсидир сафдошини қурбон берган аскарлар яна шиддат билан ғалаба сари интилишарди.

Госпиталда кўзини очган Ғулом бўлиб ўтган воқеаларни хотирлай бошлади. Шиддатли жанглардан бирида у оғир яраланганди. Уни госпиталга келтиришганда беҳуш ҳолда эди. Бошини кўтаришга уринди, аммо кўтаролмади. Тўғрироғи, шифокорлар йўл қўйишмади. Ҳали қимирламай ётиши кераклигини, тўлиқ тузалмагунча ўрнидан туриш мумкин эмаслигини айтишди. Шу куни госпиталда яна бир нохуш хабар тарқалди. Генерал-майор Собир Раҳимов ҳам ярадор холда госпиталга тушибди. Аввалига Ғулом генерал билан учрашиш ор­зусига яқинлашганидан бироз қувонди. Аммо унинг оғир аҳволда эканини эшитиб, хавотир ола бошлади. Собир Умарович кўп жангларни бошдан ўтказган, бир неча марта яраланиб омон қолган, тузалиб яна жанг майдонига қайтган. Бу гал ҳам у тузалади, яна бирга жангларда қатнашамиз, деган умид Ғуломга далда берарди.

Аммо орадан бир неча соат ўтиб, фалакни ларзага келтирувчи мудҳиш хабар тарқалди. Ўзбекнинг биринчи генерали Собир Умарович вафот этганди. Бу хабарни эшитган аскар қулоқларига ишонмасди. Бунинг ёлғон бўлиб чиқишини жуда-жуда истарди. Чунки аввал ҳам бундай хабар тарқалган, генералнинг вафот этганини эшитиб, лоқайдликка берилган душман ғафлатда қолган эди. Аммо бу сафаргиси рост бўлиб чиқди. У билан учрашиш орзуси армонга айланган Ғулом марҳум генерални госпиталдан олиб кетишаётганда ҳам ўрнидан тура олмади.

Орадан бир ярим ой ўтар ўтмас, уруш ниҳоя топиб, ғалаба туғи кўтарилди. Жангчилар бирин-кетин уйига, ота-онаси, яқинлари ёнига қайта бошлади. Ғулом ҳам ўзини соғиниб кутган онаси, бидир-бидир қилаётган ўғилчаси, севимли турмуш ўртоғининг ёнига қайтди. Ҳамма ёқда байрам тантаналари, ғалаба нашидаси суриларди.

Йиллар бир-бирини қувиб ўтаверди. Уруш даҳшатлари аста-секинлик билан унутилаётган бўлса-да, лекин кўпчиликнинг қалбида ўчмас оғриқлар қолдириб кетганди. Йигирма икки йил ўтган бўлса-да, бедарак йўқолган ёрини кутиб умри ўтаётган жувонлар, бир эмас, икки, уч ўғлонидан айрилган оналар, фарзанд доғидан қадди дол бўлган оталарнинг кўзига тикилиш жуда оғир эди. Уруш йилларига бағишланган асарлар, қаҳрамонлар ёдини абадиятга муҳрловчи фильмлар намойиш этилар, бу жафокашлар дардига бир оз бўлса-да, малҳам қўйгандек бўларди. Генерал-майор Собир Раҳимов ҳақида ҳам кўплаб мақолалар, кўрсатувлар тайёрланди. Айниқса, 1967 йилда «Ўзбекфильм» киностудияси томонидан суратга олинган «Генерал Раҳимов» фильмини ҳамма севиб томоша қиларди...

Одатда бирор фильм намойишидан сўнг томошабинлар тезда тарқалишар, йўл-йўлакай уни муҳокама қилиб кетишарди. Аммо бу гал ундай бўлмади. Фильм якунланар экан, ҳеч ким жойи­дан жилмади. Атрофни сукунат қоплади. Ёши қирқ бешлардан ошган йигит аста ўрнидан турди-ю, оқсоқланиб кета бошлади. Кимдир унинг ортидан қаради, кимдир эътибор бермади. Йигитнинг елкалари силкиниб-силкиниб қўяр, аҳён-аҳёнда билаги билан кўзёшларини артарди. Бу ўша урушнинг неки жабр ситами бўлса борини кўрган, генерал Раҳимов билан учрашиш орзуси ушалмай қолган ўша Ғулом эди. Фильм намо­йишига таклиф қилинган уруш фахрийлари орасида бўлган Ғулом ўша даврларни яна бир бор ўз кўзи билан кўриб, «сенинг ҳарқалай онанг бор, менинг эса ота-онам йўқ, ҳеч ким кутмайди» деган сафдошининг кўз ўнгида жон берганини эслаб йиғлаётган эди...

9 май арафасида уруш қатнашчилари учун байрам ташкил қилинди. Таниқли санъаткорлар, шоиру қизиқчилар таклиф этилди. Уруш қатнашчиларига совға-саломлар берилиб, ўтганлар хотирланди. Санъаткорлар орасида генерал Раҳимов ролини маромига етказиб ижро этган Зикир Муҳаммаджонов ҳам бор эди. Ғулом уни кўрди-ю, фильм ва ундан олган таассуротлари, айниқса, орзуси эсига тушди. Дарҳол ўрнидан туриб, Зикир Муҳаммаджоновнинг ёнига борди.

— Ассалому алайкум, Собир Умарович, — деди титроқ овоз билан. Унинг самимий боқиб туриши, овозининг титраб чиқиши ҳазиллашаётганга ўхшамасди. Бу каби мурожаатларга кўникиб қолган Зикир Муҳаммаджонов ҳам бу йигит одатдаги мухлисларга ўхшамаслигини дарҳол сезди. Ўрнидан туриб унга қучоқ очди. Актёрни бағрига босар экан, Ғулом гўё ўзи мухлис бўлган, дийдори армон бўлиб қолган генерални, Собир Умаровични бағрига босаётгандек ҳис этарди ўзини. Чунки Зикир Муҳаммаджонов ҳақиқатан ҳам ролни жуда моҳирона ижро этган, уни кўрганлар Собир Раҳимовнинг ўзини кўргандек бўлишганини айтишарди.

...Далада иш қизғин бўлгани боис Ғулом ҳар куни эрта кетиб, кеч қайтарди. Бугун ҳам қоронғу тушгунча ишлади. Уйига келганда эса хотини унга кулимсираб бир газета тутқазди. Унинг биринчи саҳифасида яқиндагина бўлиб ўтган тадбир, суратда эса Ғулом генерал Собир Раҳимов билан қучоқлашиб кўришаётгани акс этган эди...

Иномжон РАҲИМХЎЖАЕВ,

«Postda» мухбири.