Лицей ўқувчилари билан учрашув

  • 14:02
  • 13.02.2020
  • 469
  • Улашинг

Мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларнинг муҳим йўналиши ёшларга оид давлат сиёсатини изчил амалга оширишга қаратилган. Президентимиз Шавкат Мирзиёев ҳар бир чиқишида келажагимиз давомчиларининг таълим-тарбияси ҳақида алоҳида тўхталиб, муҳим ташаббус ва таклифларни илгари суриб келаётгани ҳам бежиз эмас. Зеро, она юртимизнинг ёруғ истиқболини бугун камол топаётган ўғил-қизларимизнинг юксак билими, салоҳияти белгилаб беради.

Ички ишлар вазирлиги Академиясида ўтказилган очиқ мулоқотда шу ҳақда сўз борди. Унда таълим муассасаси раҳбарияти, соҳа фахрийлари, вазирлик қошидаги 1 ва 2-сонли академик лицейлар ўқувчилари ва устоз-мураббийлар иштирок этди.

Тадбир аввалида ўқувчилар Академия тингловчи ва курсантларининг билим олиши, касбий кўникмаларни эгаллаши ва маънавий ҳордиқ чиқариши учун яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишишди. Шинам ва ёруғ маъруза заллари, ўқув-машғулот хоналари, спорт иншоотлари, ётоқхона бинолари, замонавий меъморчилик анъаналари руҳида қад ростлаган Ахборот-ресурс маркази уларда катта қизиқиш уйғотди.

Шундан сўнг таълим даргоҳининг Маънавият ва маърифат марказида ёшлар билан бевосита мулоқот ташкил этилди. Академия бошлиғи, генерал-лейтенант Баҳодир Матлюбов сўз олар экан, ёшларга оид давлат сиёсати доирасида ёш авлодни маданият, санъат, жисмоний тарбия ва спортга жалб этиш, маънавиятини юксалтириш, улар ўртасида китобхонликни тарғиб қилиш, иқтидорли ўғил-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида олиб борилаётган кенг кўламли чора-тадбирлар ҳақида тўхталиб ўтди.

– Айтиш керакки, ҳозирги тезкор давр ҳар биримиздан маърифатли бўлишни, огоҳлик ва ҳушёрликни, айниқса, ёш авлод таълим-тарбиясига янада масъулият билан ёндашишни тақозо қилмоқда, – деди у. – Биз ёшларимиз билан доимий мулоқот қилсак, уларни ўйлантираётган муаммоларни ижобий ҳал этсак, ҳар томонлама баркамол бўлиб вояга етишиши учун зарур шарт-шароитларни яратиб берсак, иқтидори ва салоҳиятини қўллаб-қувватласак, ўйлайманки, келажакка мустаҳкам пойдевор яратган бўламиз.

Мулоқот чоғида Президентимизнинг «Ички ишлар органлари ходимларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори асосида тизимда амалга оширилаётган ислоҳотлар, ИИВ Академиясининг кадрлар тайёрлаш салоҳияти, ўқув жараёнига татбиқ этилаётган замонавий педагогик ёндашувлар, тингловчи-курсантларнинг касбий, жанговар ва жисмоний кўникмаларини оширишга қаратилган кенг кўламли чора-тадбирлар ҳақида тўхталиб ўтилди.

Тадбир давомида лицей ўқувчилари ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олишди. Иқтидорли ўқувчиларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш, таълим-тарбия жараёнида тажриба алмашинувини кенгайтириш, ҳамкорликда ўқув машғулотлари ташкил этиш борасида билдирилган таклифлар қўллаб-қувватланди.

Шу куни фанларни аъло баҳоларга ўзлаштираётган, намунали хулқи, фаоллиги ва ташаббускорлиги билан тенгдошларига ўрнак кўрсатаётган ўқувчиларга Ички ишлар вазирлиги Академиясининг фахрий ёрлиғи тантанали равишда топширилди. Бадиий ҳаваскорлик жамоаларининг куй-қўшиқлари, Академия тарихи музейига саёҳат, кўргазмали қуроллар намойиши барчада ёрқин таассурот қолдирди.

Жамшид ХОЛОВ,

ИИВ Академияси матбуот хизмати ходими.